АсосийДУНË

Украина Россияга Қора денгиздаги ҳужумларни ўзаро тўхтатишни таклиф қилди

Украина ҳозирча Россиянинг расмий жавобини кутмоқда.

'Украина Россияга Қора денгиздаги ҳужумларни ўзаро тўхтатишни таклиф қилди'ning rasmi

Украина Россияга Қора денгиздаги фуқаролик объектларига ҳужумларни ўзаро тўхтатишни таклиф қилди. Киевнинг мазкур таклифи Москвага учинчи томон орқали етказилган. Бу ҳақда масаладан хабардор манбага таяниб, "Reuters" хабар берди.

Манбага кўра, Украина ҳозирча Россиянинг расмий жавобини кутмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Қора денгиздаги кемалар ва портларга ҳужумлар кучайган. Бу эса жаҳон озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ хавотирларни янада оширган. Россия ва Украина дунёдаги йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчилари ҳисобланади. Томонлар бир-бирини экспорт учун фойдаланилаётган кемаларга ҳужум қилишда айблаб келмоқда.

Июль ойи охирида Россиянинг Украина портларига берган зарбалари ортидан кўплаб кема эгалари Одесса вилоятидаги портларга қатновни тўхтатган. Шу сабабли Украина юк ташишнинг муқобил йўналишларидан фойдаланишга мажбур бўлган. Одесса портлари мамлакат дон экспортининг асосий марказларидан бири ҳисобланади.

Ўз навбатида, 12 август куни Украина ҳужумидан сўнг Россия Қора денгиздаги Новороссийск портининг учта терминалида ҳам 13 ва 14 август кунлари операцияларни вақтинча тўхтатган. Бу Россия дон экспорти ҳажмини янада қисқартириши мумкин.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко Москва Қора денгиз бўйича расмий сулҳ таклифини олмаганини билдирди.

"Сўнгги пайтларда турли мораторийлар ва сулҳлар ҳақида кўплаб чақириқларни эшитяпмиз. Бу ғоялар турли каналлар орқали илгари сурилмоқда, бироқ бизга ҳеч қандай расмий таклиф келиб тушмаган", деди у Россиянинг "ТАСС" агентлигига.

14 август куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ҳам Қора денгизда ҳарбий ҳаракатларга мораторий жорий этиш бўйича Москвага расмий таклиф келиб тушмаганини айтди. У Россия томони бундай "ярим чоралар" учун асос кўрмаётганини билдирди.

Маълумот учун, Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг БМТ ва Туркия воситачилигида Украина дон экспортини давом эттиришга имкон берувчи келишув тузилган эди. Бироқ Москва 2023 йилда мазкур келишувни узайтиришдан бош тортди.

Шундан сўнг Украина Қора денгизда янги денгиз йўлагини ишга туширди. У сўнгги кескинлашувга қадар фаолият юритиб келган. Киевнинг билдиришича, темир йўл ва Дунай дарёси орқали амалга ошириладиган муқобил экспорт йўналишларининг имкониятлари чекланган.

Туркия ҳам 9 август куни Россия ва Украинани Қора денгиздаги ҳужумларга мораторий жорий этишга чақирган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Украина Россияга Қора денгиздаги ҳужумларни ўзаро тўхтатишни таклиф қилди - Darakchi.uz