Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни, аввало, савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Саноат кооперацияси доирасида янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларини боғлайдиган логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт учун мустаҳкам асос яратадиган Тинчлик шартномасини тез фурсатда имзолаш бўйича саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
Мулоқот давомида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.






