Ўзбекистонда аҳоли ва банклар ўртасидаги валюта айирбошлаш операциялари сезиларли даражада ошди. 2026 йилнинг биринчи ярмида фуқаролар банкларга сотган хорижий валюта ҳажми улардан харид қилганидан 5,5 млрд долларга кўп бўлди.
Бу ҳақда Марказий банкнинг жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича шарҳида маълум қилинди.
Январь–июнь ойларида банклар ва аҳоли ўртасидаги валюта олди-сотди операциялари айланмаси 19,1 млрд долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоиз ёки 4,5 млрд долларга кўп.
Ҳисобот даврида банклар аҳолидан 12,3 млрд долларлик хорижий валюта сотиб олган. Бу 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 35 фоизга кўп. Банкларнинг аҳолига сотган валютаси эса 26 фоизга ошиб, 6,8 млрд долларга етган.
Шу тариқа, банкларнинг аҳолидан сотиб олган валютаси уларга сотганидан 5,5 млрд долларга кўп бўлган. Бир йил аввал бу фарқ 3,7 млрд долларни ташкил этган.
Валюта айирбошлаш операцияларининг 59 фоизи, яъни 11,2 млрд доллари айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилган. Онлайн хизматлар орқали эса 7,5 млрд долларлик операция бажарилиб, бу умумий айланманинг 39 фоизини ташкил этган.
Шунингдек, валюта банкоматлари орқали 404 млн долларлик операция амалга оширилган. Бу кўрсаткич бир йилда 61 фоизга ошган.
Марказий банкка кўра, аҳолининг банкларга таклиф қилаётган хорижий валютаси ҳажми ортиб бормоқда. Жисмоний шахсларнинг соф валюта таклифи умумий айирбошлаш айланмасидаги улуши бир йилда 26 фоиздан 29 фоизга ошган.






