АсосийДУНË

Украина илк бор Британияда ишлаб чиқарилган дронлар билан Россия ичкарисига зарба берди

"The Sunday Times" таъкидлашича, Британия дронларининг Россия ҳудуди ичкарисидаги зарбаларда қўлланиши Лондон ва Киев ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янги босқичидан дарак бериши мумкин.

'Украина илк бор Британияда ишлаб чиқарилган дронлар билан Россия ичкарисига зарба берди'ning rasmi

Украина Қуролли кучлари сўнгги олти ой давомида илк бор Британияда ишлаб чиқарилган дронлардан Россия ҳудуди чуқуридаги нишонларга зарба беришда фойдаланган. Бу ҳақда "The Sunday Times" хабар берди.

Нашр ёзишича, Украинага Британиянинг икки компанияси томонидан ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилган. Улардан бири Буюк Британиянинг йирик мудофаа компанияси "BAE Systems" таркибига кирувчи "Callen-Lenz" томонидан ишлаб чиқарилган "Nyan" реактив дрони ҳисобланади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан иккинчи компания номи ошкор қилинмаган.

"Nyan" дрони 240 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олади. Иккинчи аппаратнинг парвоз масофаси эса 960 километрдан зиёд. У катапульта тизими орқали учирилади ва қисқа вақт ичида бир нечта дронни кетма-кет ҳавога кўтариш имконини беради.

"Тhe Sunday Times" билан суҳбатлашган Украина Қуролли кучларидаги манбалар Британия дронларидан сўнгги олти ой давомида амалга оширилган зарбаларда фойдаланилганини тасдиқлаган.

Манбаларга кўра, мазкур аппаратлар Волгоград ва Ярославлдаги нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, Россиядаги бошқа ҳарбий ва саноат объектларига зарбалар беришда қўлланган.

Нашр маълумотларига кўра, Украина сўнгги олти ойда Россия ҳудудига қарийб 700 та узоқ масофали зарба берган. Бундай ҳужумларда асосан Украинада ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланилган бўлса-да, Британияда тайёрланган янги аппаратлар ҳам қўлланилмоқда.

Британия томони эса Украинага ҳарбий ёрдам доирасида турли имконият ва воситалар етказиб беришда давом этаётганини билдирган. "BAE Systems" компанияси Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш доирасида Британия Мудофаа вазирлигига турли имкониятлар етказиб бераётганини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Украина илк бор Британияда ишлаб чиқарилган дронлар билан Россия ичкарисига зарба берди - Darakchi.uz