АсосийДУНË

Эбола балоси: Конгода қурбонлар сони тарихий рекордни янгилади

Айрим ҳолатларда эса беморлар вафот этганидан кейингина рўйхатга олинмоқда\.

'Эбола балоси: Конгода қурбонлар сони тарихий рекордни янгилади'ning rasmi

Конго Демократик Республикасида тарқалаётган Эбола эпидемияси мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли эпидемия сифатида қайд этилди. Касаллик оқибатида камида 2 325 киши вафот этган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2018–2020 йилларда КДРда кузатилган Эбола эпидемияси қурбонлари сонидан ҳам ошиб кетган. Мамлакат Жамоат саломатлиги институти маълумотига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари 4 945 нафарга етган. Сўнгги бир суткада яна 101 та янги ҳолат аниқланган.

Ҳозирга қадар мамлакатнинг 26 вилоятидан олтитасида касаллик қайд этилган. Ҳолатларнинг асосий қисми мамлакат шимоли-шарқидаги Итури вилоятига тўғри келмоқда. Эпидемия илк бор айнан шу ҳудудда аниқланган бўлиб, бу ерда 3 400 дан ортиқ ҳолат қайд этилган.

Мутахассислар мазкур эпидемияни Эбола вируси тарихидаги энг тез тарқалаётган ўчоқлардан бири сифатида баҳоламоқда. Вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эса касалликнинг Бундибугио штамми билан боғлиқлиги ҳисобланади. Ҳозирча ушбу вирус турига қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас.

“Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти мутахассиси Томас Паришнинг айтишича, кўплаб беморларда касаллик кеч босқичда аниқланмоқда. Айрим ҳолатларда эса беморлар вафот этганидан кейингина рўйхатга олинмоқда.

Маълумот учун, Эбола вируси одамларга ёввойи ҳайвонлардан юқиши, кейинчалик эса касалланган шахсларнинг қони ва бошқа биологик суюқликлари орқали тарқалиши мумкин. Касаллик иситма, ҳолсизлик, мушак оғриғи, бош оғриғи, қусиш ва ич кетиши каби аломатлар билан намоён бўлади.

    Бошқа янгиликлар

    Эбола балоси: Конгода қурбонлар сони тарихий рекордни янгилади - Darakchi.uz