Бразилиялик футбол афсонаси, "Реал Мадрид"нинг собиқ ҳимоячиси Роберто Карлос марокашлик футбол агенти Суҳайла Эттаҳирига уйланди. Бу ҳақда Эттаҳири ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Жуфтликнинг тўй суратлари 17 август куни ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Шу боис айрим фойдаланувчилар Роберто Карлос яқинда уйланган, деган хулосага келган.
Аслида эса жуфтликнинг никоҳи январь ойида бўлиб ўтган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар эса июль ойидаги тўй маросимида олинган.
Суҳайла Эттаҳири нафақат Роберто Карлоснинг рафиқаси, балки футбол соҳасида профессионал фаолият юритадиган мутахассис ҳамдир.
У Испанияда FIFA лицензиясига эга футбол агенти бўлиб, футболчиларнинг фаолиятини бошқариш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.
"Sky News Arabia" маълумотига кўра, Эттаҳири ва Роберто Карлоснинг муносабатлари дастлаб профессионал ҳамкорлик доирасида бошланган. Кейинчалик уларнинг муносабатлари шахсий тус олган.
Роберто Карлос кейинчалик Эттаҳирини оммага ўз рафиқаси сифатида таништирган. Собиқ футболчи уни муваффақиятли тадбиркор аёл ва ҳаётига бахт олиб кирган инсон сифатида таърифлаган.






