Англиянинг “Астон Вилла” клуби трансфер бозорида яна икки футболчини таркибига қўшиб олди. Бирмингемликлар Япония терма жамоаси дарвозабони Жион Сузуки ва Италия терма жамоаси ҳимоячиси Маттео Руггерини трансфер қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
23 ёшли Жион Сузуки “Астон Вилла”га Италиянинг “Парма” клубидан ўтди. Япониялик дарвозабон аввалроқ Франциянинг ПСЖ клубига ўтишга яқин турган эди. Бироқ томонлар ўртасидаги музокаралар сўнгги босқичда тўхтаган.
Сузуки 2024 йилда Бельгиянинг “Сент-Трюйден” клубидан “Парма”га кўчиб ўтган. У Италия клуби сафида ўтган мавсумда 22 та учрашувда майдонга тушган. “Астон Вилла” япон дарвозабони билан 2031 йилгача мўлжалланган шартнома тузган. Трансфер қиймати тахминан 30 млн еврони ташкил этиб, яна 5 млн евро бонуслар назарда тутилган.
Маттео Руггери эса “Астон Вилла”га Испаниянинг “Атлетико Мадрид” клубидан кўчиб ўтди. 24 ёшли италиялик ҳимоячи Мадрид жамоасида бир мавсум ҳаракат қилди. Ундан аввал Руггери “Аталанта” сафида тўп тепган.
Руггери “Атлетико Мадрид” таркибида 47 та учрашув ўтказиб, 7 та голли узатма амалга оширган. Энди у фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттиради.
Шу тариқа, “Астон Вилла” ёзги трансферлар ойнасида таркибини яна икки нафар халқаро даражадаги футболчи билан кучайтирди. Жамоага янги қўшилган Сузуки ва Руггери бир вақтнинг ўзида Бирмингем клуби сафини тўлдирди.






