АсосийСПОРТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Банклар Ҳусанов ўйнайдиган "Манчестер Сити"ни молиялаштиришдан бош тортмоқда — ОАВ

Маълумот учун, "Манчестер Сити" сафида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам тўп суради.

'Банклар Ҳусанов ўйнайдиган "Манчестер Сити"ни молиялаштиришдан бош тортмоқда — ОАВ'ning rasmi

Банклар "Манчестер Сити"нинг трансфер операцияларини молиялаштиришга шошилмаяпти. Молиявий ташкилотлар Англия Премьер-лигаси клубга молиявий қоидаларни бузгани учун қандай чора кўришини кутишни маъқул кўрмоқда. Бу ҳақда "Bloomberg" хабар берди.

Маълум қилинишича, одатда банклар "Манчестер Сити"дан футболчи сотиб оладиган клубларга кредит ажратади. Бу орқали футболчиларни сотган жамоалар трансфер пулининг катта қисмини олдиндан олиш имкониятига эга бўлади. Бироқ ҳозирда молиявий ташкилотлар ушбу амалиётни амалга оширишда эҳтиёткорлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Сити"га Англия Премьер-лигаси томонидан молиявий қоидаларни бузиш билан боғлиқ 115 та айблов қўйилган. Улар орасида молиявий маълумотларни нотўғри тақдим этиш, футболчилар ва мураббийларга тўловлар билан боғлиқ қоидабузарликлар, шунингдек, молиявий назорат талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари бор.

Клубнинг мазкур иш бўйича апелляцияси декабрь ойи ўрталарида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Суд жараёнлари бир неча кун давом этиши мумкин. Ишни кўриб чиқаётган мустақил комиссия ўз қарорини 2027 йил январь ойи бошида эълон қилиши тахмин қилинмоқда.

Шундан кейингина "Манчестер Сити"га нисбатан қандай санкциялар қўлланиши масаласи ҳал этилади. Бироқ эҳтимолий жазолар қачондан кучга кириши ҳозирча аниқ эмас.

Қолаверса, клуб санкциялар юзасидан ҳам апелляция бериш ҳуқуқига эга. Бу эса ишнинг якуний ҳал этилишини янада кечиктириши мумкин.

    Бошқа янгиликлар