17 ноябрь куни ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда Фабио Каннаваро шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳар икки жамоа ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди. 19-дақиқада Шерзод Эсанов Саудия Арабистони дарвозабонининг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди.
Бироқ орадан тўрт дақиқа ўтиб, саудияликлар ҳужумчиси Фирас ал-Бурайкан бош билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим якунланишига 10 дақиқа қолганида эса Шерзод Эсанов яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Шу тариқа, футболчимиз дубль қайд этиб, Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда ҳам кескин кураш давом этди. 50-дақиқада Саудия Арабистони ҳимоячиси Али Лажами Аббосбек Файзуллаевга нисбатан қўпол ҳаракат содир этгани учун қизил карточка билан жазоланди. Мазкур тўқнашувдан кейин Файзуллаев жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
Учрашувнинг қолган қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бир киши устунликда ҳаракат қилди. Саудия Арабистони футболчилари ҳисобни тенглаштиришга уринган бўлса-да, вакилларимиз ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги ФИФА кунлари доирасидаги ўртоқлик учрашувида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоамизнинг ҳар икки голига Шерзод Эсанов муаллифлик қилди.






