Мода оламидаги машҳур "Vogue" журнали 2026 йилнинг энг пўрим итини аниқлади. "Dogue" танловида италиялик грейхаунд зотига мансуб Сэр Спад ғолиб деб топилди. Бу ҳақда журнал 18 август куни хабар берди.
Танлов ит эгалари томонидан юборилган минглаб суратлар асосида ўтказилган. Ҳакамлар ғолибни учта асосий мезон — фотосурат композицияси, суратда итнинг характери қандай очиб берилгани ҳамда "dogueness", яъни мода руҳига мослик асосида танлаган.
Якунда 2026 йилги "Dogue" танловининг бош соврини Сэр Спад лақабли итга насиб этди. Ҳакамлар унинг босиқлиги ва синчков қарашига алоҳида баҳо берган.
"Vogue" маълумотига кўра, танловнинг финалига 25 та сурат саралаб олинган. Ҳакамлар ҳар бир ишни муҳокама қилгач, Сэр Спад ғолиб деб топилган.
Ғолибни аниқлашда фотокомпозиция 50 фоиз, итнинг характери 25 фоиз ва "dogueness" — мода руҳига мослик 25 фоиз улушда баҳоланган.
"Vogue"нинг қайд этишича, Сэр Спад дастлаб ўзининг оғир-босиқ ҳолати билан ҳакамлар эътиборини тортган. Кейин эса унинг доно ва синчков қараши ғолибликни таъминлаган.
Танлов ғолиби энди "Vogue"нинг уй ҳайвонларига бағишланган "Dogue" рақамли журнали муқовасида пайдо бўлади.
Аввалроқ халқаро ҳакамлар ҳайъати дунёдаги энг гўзал сўзни аниқлагани ҳақида хабар берилган эди. Ғолиб сифатида Янги Зеландия туб аҳолиси — маори халқи тилидаги "кайтиакитанга" (kaitiakitanga) сўзи танланган. У табиат ва атроф-муҳитни асраш, унга ғамхўрлик қилиш маъноларини англатади.






