Нетаньяху Трампга қарши чиқадими? АҚШ Президенти ва Исроил Бош вазири ўртасидаги Ғазо масаласидаги келишмовчилик тобора жиддийлашмоқда.
Бир томонда — АҚШ Президенти Дональд Трамп. У Ғазодаги урушни тугатиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш бўйича йўл харитасини илгари сурмоқда.
Иккинчи томонда эса — Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху. Унинг позицияси қатъий: ҲАМАС қуролсизланмагунча, Исроил аскарлари Ғазодан чиқмайди.
Мана шу масалада Трамп ва Нетаньяху ўртасида "оламушук ўтди".
Хўш, Трамп нимани хоҳлаяпти?
Дональд Трампнинг Ғазо бўйича режасида асосий шартлардан бири — ҲАМАСнинг қуролсизланиши. Шундан сўнг Исроил қўшинлари Ғазодан босқичма-босқич чиқиши, ҳудуд хавфсизлиги эса янги Фаластин полицияси ва халқаро кучларга топширилиши керак.
Трамп учун асосий мақсад — урушни тўхтатиш.
Аммо Нетаньяху учун масала бошқача. Исроил Бош вазири ҲАМАС қуролсизланмагунча Ғазодан қўшинларни олиб чиқиш мумкин эмаслигини айтмоқда.
Нетаньяху ҳатто Исроил АҚШ таклиф қилган 15 банддан иборат режани тўлиқ қабул қилмаслигини билдирган. Унинг фикрича, фақат "қоғоздаги" қуролсизланиш етарли эмас. ҲАМАСнинг оғир ва енгил қуроллари — барчаси йўқ қилиниши ёки топширилиши керак. Шундагина Исроил чекиниши мумкин.
Трамп босимни кучайтирмоқда
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Трамп Ғазодаги урушни тугатиш бўйича эришилган натижани сақлаб қолишни хоҳламоқда.
Шу сабабли унинг атрофидаги юқори мартабали вакиллар Нетаньяху билан музокаралар олиб бормоқда. Аммо музокараларнинг энг оғир нуқтаси ўзгармаяпти:
Исроил қачон чиқади? ҲАМАС қачон қуролсизланади?
Икки томон айнан шу саволга икки хил жавоб бермоқда.
ҲАМАС ҳам ўз шартларини қўйди
ҲАМАС эса Исроил қўшинлари Ғазодан чиқмагунча қуролсизланиш бўйича келишувни амалга ошириш қийинлигини билдирмоқда.
Яъни уч томоннинг позицияси бир-бирига қарама-қарши:
Трамп — урушни тугатмоқчи.
Нетаньяху — аввал ҲАМАС қуролсизлансин, демоқда.
ҲАМАС — аввал Исроил қўшинлари чиқсин, демоқда.
Мана шу учбурчак ичида Ғазодаги тинчлик келишуви тақдири ҳал бўлмоқда.
Нетаньяху учун яна бир муаммо бор
Бу фақат ташқи сиёсат эмас. Исроилда парламент сайловлари яқинлашмоқда.
Нетаньяху учун ҲАМАСга нисбатан юмшаш ёки Ғазодан чекиниш ички сиёсий жиҳатдан жуда қимматга тушиши мумкин. Айниқса, унинг ўнг қанотдаги иттифоқчилари ҳарбий операцияни давом эттириш тарафдори.
Шунинг учун Нетаньяху олдида жуда мураккаб танлов турибди:
Трамп билан муросага келишми ёки Исроилдаги сиёсий таянчини сақлаб қолишми?
8 давлат Исроилни танқид қилди
Вазият шу билан тугамайди.
Иордания, Саудия Арабистони, Туркия, Қатар, Миср, БАА, Индонезия ва Покистон Исроилни Трампнинг Ғазо бўйича йўл харитасини издан чиқараётганликда айблади.
Улар Исроилнинг режани рад этиши Ғазода тинчлик ўрнатиш жараёнини хавф остига қўяётганини билдирди.
Бу эса Нетаньяху учун халқаро босим ҳам кучаяётганини англатади.
Энди асосий савол: Нетаньяху Трампга қарши очиқ чиқишга тайёрми?
"Al-Monitor" нашри манбаларига кўра, Исроил Бош вазири айнан шундай танлов олдида турибди.
Чунки Трамп билан очиқ қарама-қаршилик АҚШ билан муносабатларга таъсир қилиши мумкин. Аммо Трампга ён бериш эса Нетаньяху учун ички сиёсий муаммоларни кучайтириши эҳтимоли бор.
Шунинг учун ҳозирги вазиятни оддий келишмовчилик деб баҳолаб бўлмайди. Бу — АҚШ Президенти ва Исроил Бош вазири ўртасидаги Ғазо масаласидаги жиддий сиёсий синов.
Трамп урушни тугатмоқчи. Нетаньяху эса ҲАМАС қуролсизланмагунча чекинишни истамаяпти. ҲАМАС эса Исроил қўшинлари чиқмагунча қуролсизланишга рози эмас.
Демак, Ғазодаги урушни тугатиш учун аввал шу уч томоннинг қарама-қарши талабларини бир нуқтага келтириш керак.
Аммо ҳозирча энг катта савол бошқа:
Нетаньяху Трампга ён берадими ёки АҚШ Президенти билан очиқ қарама-қаршиликка борадими?
Агар бу зиддият чуқурлашса, унинг оқибати нафақат Ғазога, балки АҚШ–Исроил муносабатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.






