АсосийДУНË

Польша Россия ва Беларусь билан чегараларни ёпиши мумкин

Шу билан бирга, Польша шарқий чегарасини НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам кучайтирмоқда.

'Польша Россия ва Беларусь билан чегараларни ёпиши мумкин'ning rasmi

Польша зарурат туғилса, Россия ва Беларусь билан барча чегара ўтиш пунктларини ёпиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди.

Унинг айтишича, Польша хавфсизлик кучларида мамлакатнинг шарқий чегарасини тўлиқ блоклаш учун зарур техника, омборлар, фортификация иншоотлари ва мудофаа истеҳкомлари мавжуд.

Вазир Польша Россия ва Беларусь билан чегарасини 7–14 кун ичида тўлиқ ёпиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, мамлакат чегарада фойдаланиш мумкин бўлган бир неча минг дона мина харид қилмоқда.

Мазкур чоралар 2024 йилда бошланган "Шарқий қалқон" дастури доирасида амалга оширилмоқда. У Россиянинг Калининград вилояти ва Беларусь билан чегарадош ҳудудларда мудофаа иншоотлари, танкларга қарши тўсиқлар, кузатув ҳамда дронларга қарши тизимлар барпо этишни назарда тутади.

Польша ушбу дастур доирасида қарийб 700–800 километр узунликдаги шарқий чегарасини мустаҳкамламоқда. Лойиҳа учун дастлаб 10 млрд злотий, яъни қарийб 2,6 млрд доллар ажратилган.

Польша ҳукумати бу чоралар орқали нафақат чегара хавфсизлигини кучайтириш, балки Россия ёки Беларусь томонидан эҳтимолий ҳужум юз берган тақдирда ҳарбий ҳаракатларни қийинлаштиришни мақсад қилмоқда.

Қайд этилишича, Польша ҳозирда Беларусь билан чегарадаги айрим чекловларни ҳам сақлаб қолмоқда. Мамлакат парламенти 2026 йил июль ойида Беларусь билан чегарада халқаро ҳимоя сўраш ҳуқуқини вақтинча чеклаш муддатини узайтиришга розилик берган.

Шу билан бирга, Польша шарқий чегарасини НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам кучайтирмоқда. "Шарқий қалқон" дастури Россия ва Беларусь томонидан эҳтимолий ҳужумлар ҳамда гибрид таҳдидларга қарши мудофаа салоҳиятини оширишга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар

    Польша Россия ва Беларусь билан чегараларни ёпиши мумкин - Darakchi.uz