АсосийСИËСАТ

Илҳом Алиев: Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари иттифоқчиликнинг энг юқори поғонасига кўтарилди

2026 йилнинг январь–май ойларида эса товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошиб, 144 миллион долларга етган.

'Илҳом Алиев: Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари иттифоқчиликнинг энг юқори поғонасига кўтарилди'ning rasmi

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида мамлакат оммавий ахборот воситаларига катта интервью берди. Унда икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги алоқалар ҳақида сўз юритди.

Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, иттифоқчилик босқичига кўтарилган.

“Икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатлар муштарак тарих, маданият, тил ва маънавий қадриятларга таянади. Ана шу мустаҳкам пойдевор асосида қурилган давлатлараро муносабатлар сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ривожланиш босқичига кириб, энг юксак поғона — иттифоқчилик даражасига кўтарилди”, — деди Озарбайжон Президенти.

У Шавкат Мирзиёев билан ўртадаги самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишини қайд этди.

Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон раҳбарлари 15 марта ўзаро ташриф амалга оширган. Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи эса сўнгги беш йилдаги учинчи давлат ташрифи бўлади.

Савдо айланмаси 795 миллион долларга етди

Илҳом Алиев Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини айтди.

2025 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 795 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан уч баробардан зиёд ўсишни англатади.

2026 йилнинг январь–май ойларида эса товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошиб, 144 миллион долларга етган.

Шунингдек, уч йил аввал умумий капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ташкил этилган. Компания икки мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланмоқда.

Президент энергетика, саноат ва транспорт соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни ҳам алоҳида тилга олди.

2025 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг энергетика идоралари томонидан “Яшил йўлак бирлиги” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган. У Озарбайжон–Марказий Осиё “яшил” энергия йўлаги лойиҳасини амалга оширишни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Транзит ташувлари ҳажми ҳам ўсган. 2025 йилда икки давлат ўртасидаги транзит ташувлар 6,7 фоизга ошиб, 1,4 миллион тоннани ташкил этган. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида эса бу кўрсаткич 12,2 фоизга ўсиб, 675 минг тоннага етган.

Озарбайжонда Ўзбекистон инвестициялари иштирокида 130 дан зиёд тижорат ташкилоти фаолият юритмоқда.

Chevrolet ва Isuzu ишлаб чиқариш йўлга қўйилган

Илҳом Алиев Ўзбекистон билан автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталди.

Унинг айтишича, 2026 йил 13 июль ҳолатига кўра, Озарбайжонда 10 720 та Chevrolet автомобили ва 275 та Isuzu автобуси ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, Тошкентда “The Ritz-Carlton” бренди остида меҳмонхона ва турар жой мажмуаси, Тошкент вилоятида эса “Sea Breeze Uzbekistan” сайёҳлик ва турар жой мажмуаси қурилмоқда.

Маданий ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда

Озарбайжон Президенти икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни “муносабатларнинг ажралмас қисми” сифатида баҳолади.

2023 ва 2025 йилларда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2024 йилда эса Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилган. Шунингдек, Хива шаҳрида “Шуша кунлари” ташкил этилган.

Илҳом Алиев Фузулий шаҳрида Ўзбекистон ташаббуси билан барпо этилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабни икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим намунаси сифатида қайд этди.

Унинг маълум қилишича, 2025/2026 ўқув йилида Озарбайжонда Ўзбекистоннинг 67 нафар фуқароси, Ўзбекистонда эса Озарбайжоннинг 176 нафар фуқароси таҳсил олган.

Озарбайжон Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтирмоқда

Илҳом Алиев Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўл лойиҳасининг Ўрта йўлак ва Транскаспий халқаро транспорт йўлаги билан интеграциялашуви минтақа учун янги иқтисодий ва транзит имкониятларини яратади.

Озарбайжон Президенти, шунингдек, мамлакатининг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари сўнгги йилларда стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида ривожланаётганини айтди.

У 2025 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг мазкур форматда тўла ҳуқуқли иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинганини қайд этди.

“С5” формати амалда “С6”га айланган.

Илҳом Алиев Ўзбекистон ва Озарбайжон БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда бошқа халқаро платформалар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман”

Интервью якунида Озарбайжон Президенти Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.

“Қардош Ўзбекистон халқини мамлакат давлат мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 35 йиллиги билан самимий табриклайман ҳамда чуқур ҳурматимни изҳор этиб, тинчлик, фаровонлик, равнақ ва янги ютуқлар тилайман”, — деди Илҳом Алиев.

    Бошқа янгиликлар

    Илҳом Алиев: Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари иттифоқчиликнинг энг юқори поғонасига кўтарилди - Darakchi.uz