АсосийДУНË

Қозоғистонда илк Қурултой сайлови бошланди

145 депутатлик ўрин учун 545 номзод курашмоқда. Бугунги сайлов мамлакатнинг янги сиёсий тизимидаги муҳим қадам бўлмоқда.

'Қозоғистонда илк Қурултой сайлови бошланди'ning rasmi

Қозоғистонда мамлакат тарихидаги илк Қурултой — янги бир палатали парламент сайлови бошланди. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси хабар берди.

Соат 7:00 ҳолатига кўра, республикадаги 20 та ҳудудда жойлашган 10 363 та сайлов участкасида овоз бериш жараёни бошланган. Яна 107 та участка ҳудудий комиссиялар қарори билан соат 6:00 дан иш бошлаган.

Шунингдек, 16 та хорижий давлатда ташкил этилган 19 та сайлов участкаси ҳам фуқаролардан овозларни қабул қилмоқда.

Бу йилги сайловда жами 10 423 та участка, жумладан, 61 та хорижий давлатдаги 79 та ваколатхона фаолият юритади. Овоз беришда 12 605 788 нафар фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 17 132 нафари яшаш манзилидан ташқарида овоз бериш учун чиқиш гувоҳномасини олган.

Қозоғистоннинг икки палатали парламенти — Сенат ва Мажлис 30 июнь куни ўз фаолиятини расман якунлаган эди. Мамлакатдаги конституциявий ислоҳот натижасида икки палатали парламент ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилмоқда.

Шунингдек, ислоҳот доирасида вице-президент лавозими тикланади ва янги маслаҳат органи — Халқ кенгаши ташкил этилади. Унинг аъзолари президент томонидан тайинланиши кутилмоқда.

Қозоғистонда янги Конституция 1 июльдан кучга кирган. Март ойида ўтказилган референдумда унинг лойиҳаси сайловчиларнинг қарийб 90 фоиз овози билан маъқулланган.

Янги Конституция амалдаги президент Қосим-Жомарт Тоқаевга келгусида яна президентлик сайловида иштирок этиш имконини ҳам беради.

    Бошқа янгиликлар

    Қозоғистонда илк Қурултой сайлови бошланди - Darakchi.uz