Бугун, 23 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди.

Музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевнинг жорий давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошган. Томонлар бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш имкониятларини муҳокама қилди.

Шунингдек, энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди. Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида банк-молия, қурилиш, таълим, нефть-газ, туризм, уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилди.
Шунингдек, маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.






