АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти БМТ олдидаги қарзнинг бир қисми сифатида 725 миллион доллар тўлаш режасини Конгрессга маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ажратилиши режалаштирилаётган маблағ АҚШнинг БМТга 4 миллиард доллардан ортиқ деб кўрсатилаётган қарзининг 20 фоизидан камини ташкил этади. Вашингтон эса қарз миқдори бундан пастроқ эканини ва айрим тўловлар амалга оширилганини таъкидламоқда.
АҚШ расмийсининг айтишича, маблағ ажратилиши БМТдаги ислоҳотларни давом эттиришга боғлиқ. Трамп маъмурияти аввалроқ ташкилот ва унинг қатор агентликларини молиялаштиришни қисқартирган эди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот тўланмаган бадаллар сабаб жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини билдирган. Мутахассислар фикрича, 725 миллион долларлик тўлов БМТ ходимларининг маошларини маълум муддат қоплашга ёрдам беради, аммо молиявий муаммони тўлиқ ҳал қилмайди.
БМТ Уставининг 19-моддасига кўра, икки йилдан ортиқ муддат давомида бадалларини тўламаган давлат Бош Ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.






