22 август куни Украина дронларининг Россия ва Россия назоратидаги Украина ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Зарба берилган объектлар орасида саноат корхоналари, нефть инфратузилмаси ҳамда Ozon’нинг Самара вилоятидаги логистика маркази бор. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Самара вилоятидаги ҳужум оқибатида бир кекса аёл ҳалок бўлган. Украина томони Новокуйбишевскдаги нефтьни қайта ишлаш заводига зарба берилгани ва ёнғин чиққанини билдирди.
Ozon’нинг Чапаевскдаги логистика маркази ҳужумдан кейин вақтинча ишини тўхтатди. Компания жароҳатланганлар борлигини маълум қилди.
Краснодар ўлкасидаги Ейск шаҳрига берилган зарбаларда уч киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Белгород вилоятида икки киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланган. Брянск вилоятида эса тўрт киши жароҳатланган.
Россия назоратидаги Севастополда дрон автобусга урилгани оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 10 киши яраланган. Луганск вилоятида ҳам икки тинч аҳоли, жумладан, 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада 457 та Украина дрони уриб туширилганини билдирди. Москва ва Киев сўнгги вақтларда бир-бирининг иқтисодий ҳамда логистика инфратузилмасига қарши дрон ҳужумларини кучайтирмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Украина бундай зарбалар билан “Пандора қутисини очгани”ни айтиб, Москва жавоб зарбаларини кучайтириши мумкинлигини билдирди.






