Бугун, 24 август куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида учта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тўқнашувдан сўнг транспорт воситаларида ёнғин чиққан. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса соат тахминан 07:30 ларда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи D002 "Тошкент–Нурафшон" автомобиль йўлининг 9-километрида содир бўлган.
1991 йилда туғилган ҳайдовчи Labo русумли автомобилни йўлнинг қайрилиб олиш мумкин бўлган жойидан буриб олаётган вақтида ўз йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti ва Tracker русумли автомобиллар билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан тўлиқ бартараф этилган.
Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.






