АсосийДУНË

Сингапур оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантириш учун 55 минг долларгача тўлайди

Бироқ мамлакатга янги келувчилар назорат қилинган ва барқарор суръатда қабул қилиниши, сингапурликлар эса мамлакат аҳолисининг кўпчилигини ташкил этиб қолиши таъкидланган.

'Сингапур оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантириш учун 55 минг долларгача тўлайди'ning rasmi

Сингапур ҳукумати мамлакатда туғилиш кўрсаткичи кескин пасайиб бораётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантиришга қаратилган янги чораларни эълон қилди. Бу ҳақда "Financial Times" хабар берди.

Янги пакет доирасида ҳар бир фарзанд учун у 17 ёшга тўлгунига қадар жами қарийб 70 минг Сингапур доллари, яъни тахминан 55 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилади.

Шундан 10 минг Сингапур доллари фарзанд туғилганида, яна 10 минг доллари унинг кейинги таълими учун ажратилади. Қолган маблағ эса бола улғайиши давомида турли босқичларда тўлаб борилади.

Ҳукумат бу орқали оилаларга нафақат фарзанд туғилган пайтда, балки уни вояга етказиш жараёнида ҳам узоқ муддатли молиявий кўмак беришни мақсад қилган.

Шунингдек, кўп фарзандли оилалар учун ота-она таътили бўйича тўловлар кенгайтирилади. Бунда иш берувчиларнинг харажатларининг каттароқ қисми давлат томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.

Фарзандли оилаларнинг биринчи уй-жойини имтиёзли дастур асосида сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.

Қайд этилишича, Сингапурда туғилиш коэффициенти 2025 йилда рекорд даражага тушиб, бир аёлга 0,87 нафар фарзанд тўғри келган. 2024 йилда бу кўрсаткич 0,97 нафарни ташкил этган.

Демографларга кўра, миграция ҳисобга олинмаган тақдирда, аҳоли сонини барқарор сақлаб туриш учун туғилиш коэффициенти тахминан 2,1 бўлиши керак.

Аҳолининг қариб бориши ҳам Сингапур учун жиддий демографик муаммога айланмоқда. БМТ мезонларига кўра, аҳолининг 21 фоиздан ортиғини 65 ёш ва ундан катта фуқаролар ташкил этса, мамлакат "супер қариялар жамияти" ҳисобланади. Сингапур эса бу босқичга жорий йилда кириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Сингапур Бош вазири Лоуренс Вонг ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларга қарамай, туғилиш даражаси аҳоли сонини табиий равишда барқарор сақлаш учун зарур кўрсаткичга етиши эҳтимоли пастлигини айтган.

Унинг таъкидлашича, мамлакат фақат туғилиш ҳисобига таянса, фуқаролар сони қисқаради, аҳоли янада тез қарийди ва кекса авлодни қўллаб-қувватлайдиган меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши камаяди.

Шу сабабли Сингапур ҳукумати аҳоли ўсишини қўллаб-қувватлаш учун иммиграция сиёсатини ҳам сақлаб қолмоқчи.

    Бошқа янгиликлар

    Сингапур оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантириш учун 55 минг долларгача тўлайди - Darakchi.uz