АсосийСИËСАТ

Озарбайжонлик меҳмонлар қадимий Бухорони зиёрат қилдилар

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Бухорога борди.

'Озарбайжонлик меҳмонлар қадимий Бухорони зиёрат қилдилар'ning rasmi

 У ерда у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга шаҳарнинг тарихий обидаларини зиёрат қилди. Давлат раҳбарлари рафиқалари ҳамроҳлигида Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари, шунингдек, Кўкалдош мадрасасида бўлди.

Меҳмонларга Бухоронинг ноёб тарихий обидалари, уларнинг меъморий хусусиятлари ҳамда Шарқда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожида тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.

Ташриф Сомонийлар мақбарасидан бошланди. Исмоил Сомоний томонидан барпо этилган ушбу обида 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шундан сўнг давлат раҳбарлари Бухоронинг кўп асрлар давомида сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган Арк қўрғонини томоша қилди. Қалъа узоқ тарихий давр мобайнида шаклланган бўлиб, яқин ўтмишгача Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи сифатида фаолият юритган.

Меҳмонлар Пойи Калон мажмуаси билан ҳам танишди. Мажмуанинг асосий рамзларидан бири бўлган Калон минораси 1127 йилда бунёд этилган. У асрлар давомида Бухоронинг энг машҳур меъморий ёдгорликларидан бири сифатида сақланиб келмоқда.

Пойи Калон ансамбли таркибига XVI аср бошларига оид Калон масжиди ва Мир Араб мадрасаси ҳам киради.

Шундан кейин Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев Лаби Ҳовуз мажмуасида бўлди. Қадимий ҳовуз атрофида шаклланган мазкур мажмуа эски Бухоронинг энг машҳур жамоат масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳ жойлашган.

Ташриф давомида Озарбайжон Президенти ва унинг рафиқасига халқ ҳунармандчилиги намуналари, шунингдек, тарихий обидалардаги бадиий безаклар намойиш этилди.

Меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири сифатидаги кўп асрлик тарихи ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Озарбайжонлик меҳмонлар қадимий Бухорони зиёрат қилдилар - Darakchi.uz