АсосийДУНË

Эронда бензин нархи оширилиши мумкин

Эрон ҳукумати мамлакатда бензин нархини оширишнинг бир нечта вариантини кўриб чиқмоқда.

'Эронда бензин нархи оширилиши мумкин'ning rasmi

Бу масала АҚШнинг янги санкциялари арафасида иқтисодий босим кучайиб, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар нархи кескин ошиб бораётган бир пайтда муҳокама қилинмоқда.

Эрон расмийларига кўра, амалдаги субсидияланган ёқилғи нархлари давлат бюджетига катта юк бўлмоқда. Ҳозир мамлакатда бир кунда қарийб 135 миллион литр ёқилғи истеъмол қилинмоқда, ички ишлаб чиқариш ҳажми эса 121 миллион литр атрофида.

Ҳукумат бензин нархини ўзгартириш бўйича бир нечта таклифни муҳокама қилмоқда. Вариантлардан бирига кўра, амалдаги нархлар сақлаб қолинади, бироқ белгиланган лимит тугаганидан сўнг айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотув чекланиши мумкин.

Яна бир таклиф барча фуқароларга ҳар ой 30 литр бензинни энг арзон тарифда беришни назарда тутади. Учинчи вариант эса бензин нархларини босқичма-босқич эркинлаштиришни кўзда тутмоқда.

Ҳукумат литри 872 минг риал, яъни тахминан 44 цент бўлган тарифни ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ бундай кескин ошириш транспорт ва логистика харажатларининг кўпайиши орқали инфляцияни янада кучайтириши мумкин.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён якшанба куни мамлакатда муаммолар кўплигини ва ҳукумат аҳолини юзага келаётган қийинчиликлардан ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилаётганини айтди.

Ҳукумат вакиллари эса энг арзон тарифдаги 60 литрлик ойлик квота сақлаб қолинишини билдирган. Айни вақтда бошқа тариф бўйича ажратиладиган квоталар босқичма-босқич қисқартирилиши мумкин.

Эрон Статистика маркази маълумотларига кўра, июль ойида мамлакатда нархлар ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 88 фоизга ошган. Озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 128 фоиздан юқори бўлган. Бензин нархининг оширилиши транспорт харажатлари орқали бошқа товар ва хизматлар қимматлашишига ҳам олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, Эрон миллий валютаси — риал ҳам рекорд даражада қадрсизланди. 24 август куни норасмий валюта бозорида 1 АҚШ доллари 2,02 миллион риалгача кўтарилди. Марказий банкнинг расмий курси эса бир доллар учун қарийб 1,5 миллион риални ташкил этган. 

Миллий валюта инфляция, иқтисодий ўсишнинг пасайиши, АҚШ санкциялари ва қарийб олти ойдан бери давом этаётган уруш фонида босим остида қолмоқда.

Эрон ҳукумати бензин нархини ошириш бўйича якуний қарорни яқин ҳафталарда қабул қилиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар