Бекобод металлургия комбинатида кўп йиллардан буён пўлат эритувчи бўлиб меҳнат қилиб келаётган Ғуломжон Туроновга “Хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони берилди. Бу эътироф нафақат унинг, балки бутун металлурглар меҳнатининг муносиб баҳоси бўлди.
Пахтачилик ва ғаллачилик соҳаларида юқори натижаларга эришиб, ўз мактабини яратган наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, ипак қуртини баҳор, ёз ва куз мавсумларида парваришлаб, юқори ҳосил олаётган бухоролик пиллакор Жамила Худойбердиева, чорвачиликка илғор технология ва замонавий ёндашувларни жорий этаётган қорақалпоғистонлик Эсенбай Айтимуратов ҳамда сув йўқотишларини камайтиришга ҳисса қўшаётган самарқандлик ирригатор Асланкул Каримқуловнинг хизматлари ҳам муносиб тақдирланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини безатишда иштирок этган уста-наққош Сатторхўжа Тўхтахўжаевга эса “Хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони берилди.
Уларнинг меҳнати, тажрибаси ва касбига садоқати мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи юртдошлар меҳнатининг яна бир намунаси бўлди.






