Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан 170 та олий таълим ташкилоти битирувчиларининг меҳнат бозоридаги натижалари таҳлил қилинди. Тадқиқот 249 минг 432 нафар битирувчини қамраб олган.
Таҳлил натижаларига кўра, олий таълим ташкилотлари ўртасида “Битирувчилар сифати индекси” бўйича Ўзбекистон давлат консерваторияси 81,5 балл билан биринчи ўринни эгаллаган.
Иккинчи ўринни 79,6 балл билан Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали, учинчи ўринни эса 76,3 балл билан Тошкент шаҳридаги Вебстер университети маркази қайд этган.
Тадқиқотда битирувчиларнинг ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, даромад даражаси ва бандлик шакли асосий кўрсаткичлар сифатида баҳоланган.
Натижаларга кўра, битирувчиларнинг ишга жойлашиши учун ўртача 3 ой 5 кун вақт кетган.
Шунингдек, битирувчиларнинг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 миллион сўмни ташкил қилган. Энг юқори ўртача расмий даромад Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 6,6 миллион сўмга тенг.
“Битирувчилар сифати индекси” ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, даромад даражаси ва бандлик шаклидан иборат 4 та асосий кўрсаткич асосида шакллантирилган.






