АсосийЖАМИЯТ

Муддати ўтган ярим миллиард сўмлик дориларни сотмоқчи бўлганлар ушланди

Наманганда давлат рўйхатидан ўтмаган ва яроқлилик муддати ўтган, қиймати 502,7 миллион сўмлик дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни муомалага киритишнинг олди олинди.

'Муддати ўтган ярим миллиард сўмлик дориларни сотмоқчи бўлганлар ушланди'ning rasmi

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида “M.Sh.” МЧЖ раҳбари А.А. (муқаддам судланган) ва бошқалар Наманган шаҳридаги “Бобуршоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Давлатобод туманидаги “Порлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган омборларда 485 турдаги жами 32 минг 626 қути дори воситалари ва тиббий буюмларни келгусида сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, маҳсулотларнинг бир қисми давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган ва уларга мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган. Шунингдек, айрим дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган.

Аниқланган дори воситалари ва тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Муддати ўтган ярим миллиард сўмлик дориларни сотмоқчи бўлганлар ушланди - Darakchi.uz