Давлатимиз раҳбари Покистоннинг Исломобод шаҳридаги тиббиёт муассасасида кучли ёнғин юз бериб, кўплаб болалар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардорий ҳамда Бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия билдирди.
Шунингдек, Непалнинг Тибет билан чегара ҳудудида содир бўлган кучли сув тошқини оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жароҳатлангани ва катта талафот етказилгани муносабати билан Президент Рам Чандра Пауделга ҳамдардлик йўлланди.
Бундан ташқари, Хитойнинг Тибет автоном районидаги Шигадзе шаҳар округида юз берган кенг кўламли кўчки ва сув тошқини оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жароҳатлангани ҳамда катта иқтисодий зарар етказилгани муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик билдирилди.
Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат тилаб, жароҳатланганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини истади.






