АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда 264 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қарийб 26 минг нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

'Ўзбекистонда 264 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида 264 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Бу ҳақда “Ахборот” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, фуқароликка қабул қилинганлар орасида йиллар давомида Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилиб, оила қурган, бироқ фуқаролиги бўлмагани боис айрим ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаган шахслар ҳам бор.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қарийб 26 минг нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Фуқароликни тан олиш институти жорий этилганидан сўнг эса 60 мингдан ортиқ шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган.

Президент фармони билан фуқароликка қабул қилинган 264 нафар шахснинг 90 нафари Сурхондарё вилояти, 47 нафари Тошкент вилояти, 39 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, 38 нафари Сирдарё вилояти ва 15 нафари Самарқанд вилоятида истиқомат қилади.

Шунингдек, Бухоро вилоятида сўнгги 10 йил давомида 1 минг 501 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

Суҳбатларда фуқаролиги бўлмаган шахслар йиллар давомида сайловларда иштирок эта олмагани, давлат хизматига кира олмагани ёки хорижга чиқишда қийинчиликларга дуч келганини айтган. Айримлар эса яқин қариндошларининг вафоти ёки тўй-маросимларига ҳужжатлари йўқлиги сабабли бора олмаганини таъкидлаган.

Эндиликда улар Ўзбекистон фуқароси сифатида қонунда белгиланган ҳуқуқлардан тўлақонли фойдаланиш, сайловларда иштирок этиш ҳамда давлат билан ҳуқуқий муносабатларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда 264 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди - Darakchi.uz