АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 12 та муҳим ҳужжат имзоланди

Келишувлар Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди иштирокида расмийлаштирилди.

'Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 12 та муҳим ҳужжат имзоланди'ning rasmi

Бугун, 30 август куни Ўзбекистон–Ҳиндистон шериклигини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Имзоланган ҳужжатлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, таълим, тиббиёт, туризм, геология ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Хусусан, томонлар қуйидаги ҳужжатларни имзолади:

  • Нарендра Модининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қўшма баёнот;
  • 2026–2030 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури;
  • Аюрведа ва анъанавий тиббиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Фаёзтепа ва Қоратепа ҳудудларида археологик тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида баённома;
  • Иқтисодий ва молиявий мулоқот тўғрисида меморандум;
  • 2026–2028 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
  • Геология ва минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Сушма Свараж номидаги Ташқи алоқалар институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Самарқанд вилояти ва Гужарат штати ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларда Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 12 та муҳим ҳужжат имзоланди - Darakchi.uz