Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида энергетика, сув ресурслари, муҳим минераллар, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида қатор ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, энергияни сақлашнинг замонавий тизимларини ривожлантириш ҳамда янги энергетика йўлакларини яратишни мувофиқлаштириш имконини берувчи кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Шунингдек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирлар ўн йиллигига оид умумий ташаббусни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасидаги раислиги давридан Жамғарма фаолиятини янада самарали ташкил этиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида эканини билдирди.
Сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай мулоқот доимий ва аниқ мазмунга эга бўлиши, минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиши лозимлиги қайд этилди.
Президент Ўзбекистоннинг муҳим минераллар бўйича минтақавий альянс ташкил этиш ташаббуси доирасида ишларни фаоллаштиришни таклиф қилди. Марказий Осиёнинг муҳим минераллар захиралари бўйича ягона рақамли харита яратиш бу борадаги биринчи қадамлардан бири бўлиши мумкинлиги айтилди.
Давлат раҳбари мамлакатлар имкониятларини бирлаштирган ҳолда умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш таклифини ҳам илгари сурди.
Бундан ташқари, талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда мутахассислар танқислиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ортиши кутилаётган йўналишлар бўйича мамлакатларнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш мумкин.
"Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир. Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч", — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент келгуси авлодларга қандай минтақани қолдириш учун жавобгар эканимизни таъкидлади.
"У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда фарзандларни вояга етказиш имкониятларини бериши керак", — деди давлат раҳбари.






