Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
8 октябрь куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ўтаётган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар турли даражаларда фаол алоқалар йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди. Яқинда икки мамлакат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда Арманистон сармояси иштирокида 80 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги, заргарлик, енгил саноат, фармацевтика, кимё ва туризм соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Бу борада Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда қўшма ишбилармонлик тадбирларини самарали ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда халқаро аҳамиятга молик масалалар, шунингдек, кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.






