АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди.

'Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди'ning rasmi

Бугун, 31 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.

Мулоқот аввалида Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбарига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Қайд этилганидек, 2027 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Шу муносабат билан юбилей тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон–Хитой муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, технологик шериклик ҳамда маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 18 миллиард долларга етган. Уни яқин йилларда 30 миллиард долларга чиқариш янги мақсад сифатида белгиланиши таклиф қилинди.

Бунинг учун саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган халқаро кўргазмалардаги иштирокини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Хитойнинг қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакатимизда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Учрашувда энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш ҳам истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Технологик ҳамкорликнинг муҳим мисоли сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа келтирилди. Томонлар ишлаб чиқариш қувватларини ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режаларини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Хитой компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ташкил этилаётган қўшма саноат зоналарида янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга фаол жалб қилиш таклиф этилди.

Энергетика соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Хитой компанияларини тинч атом энергетикаси лойиҳаларига жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди.

Транспорт соҳасида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасининг аҳамияти ҳам таъкидланди. Ушбу стратегик йўналиш Евроосиё транспорт тизимининг муҳим бўғинига айланиши ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги алоқаларни янада кучайтириши кутилмоқда.

Музокараларда туризм ва гуманитар алмашинувларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визасиз тартиб амал қилаётгани қайд этилар экан, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географияси ва парвозлар сонини ошириш режалари кўриб чиқилди.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Хитой тилини ўрганиш имкониятларини ошириш, қўшма таълим дастурларини кўпайтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшлар учун Хитойда таҳсил олиш квоталарини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, “Хитой–Марказий Осиё” форматидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва келаси йил Хитойда ўтказиладиган учинчи саммитга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди - Darakchi.uz