АсосийСИËСАТ

Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди

Мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ, шунингдек, ташкилотнинг ихтисослашган институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

'Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.

Учрашув аввалида Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ, шунингдек, ташкилотнинг ихтисослашган институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Ўзбекистон томони БМТ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Бош котиб ташаббусларини қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Шунингдек, фаол сиёсий мулоқот, ўзаро ташрифлар ҳамда Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органлари фаолиятидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинган.

Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида эришаётган натижаларини юқори баҳолади. Бу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаол давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди - Darakchi.uz