АсосийСИËСАТ

Мирзиёев “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда бир қатор ташаббусларни илгари сурди

Президент “ШҲТ плюс” майдони давлатлар, минтақалар ва халқаро ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштиришга қодир эканини билдирди\.

'Мирзиёев “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда бир қатор ташаббусларни илгари сурди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиб, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари янги дунё тартиботи нафақат халқаро муносабатлар тизимидаги глобал кучлар нисбатини мустаҳкамлаши, балки минтақавий муаммоларни адолатли ҳал этишга ҳам хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Мирзиёевнинг қайд этишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим.

Президент “ШҲТ плюс” майдони давлатлар, минтақалар ва халқаро ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштиришга қодир эканини билдирди.

“Бу ерда турли ташаббусларни ўзаро уйғунлаштириш ва глобал бошқарув архитектурасини шакллантириш бўйича мулоқот олиб бориш мумкин ва зарур”, деди у.

Ўзбекистон Еврoосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори экани таъкидланди.

“Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради. Минтақавий лойиҳалар ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмайди, балки бир-бирини самарали тўлдиради”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари “ШҲТ плюс” форматини минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Унинг фикрича, ушбу формат минтақавий ташкилотларнинг ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Президент БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш зарурлигини билдирди.

Мирзиёев табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ҳамда технологияларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу тадбирни БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан ҳамкорликда Хива шаҳрида ўтказишга тайёр эканини билдирди.

“Ўзбекистон бундан буён ҳам умумий фаровонликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга салмоқли амалий ҳисса қўшишга тайёр”, деди давлат раҳбари.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда бир қатор ташаббусларни илгари сурди - Darakchi.uz