Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар сони сўнгги йилларда 3200 тадан 1700 тагача камайди. Уларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан тушум бўйича улуши эса 55 фоиздан қарийб 30 фоизга тушди. Бу мамлакатда хусусий сектор улушини ошириш ва рақобат муҳитини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида юз бермоқда.
Рақобатни ривожлантиришга қаратилган чоралар натижасида тадбиркорлик субъектлари сони ҳам ошган. Хусусан, 2016 йилда 257,7 мингтани ташкил этган фаол тадбиркорлик субъектлари сони 2026 йилга келиб 474,9 мингтага етган.
Шунингдек, муайян бозорда камида бешта хусусий тадбиркор фаолият юритаётган бўлса, у ерда янги давлат корхонасини ташкил этишни чекловчи “Сариқ саҳифалар тамойили” жорий этилган.
Ислоҳотлар доирасида 24 та фаолият тури бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинган, 39 та соҳадаги индивидуал имтиёзлар қисқартирилган ёки қайта тартибга солинган.
Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда 140 та бўлган табиий монополия субъектлари сони 2026 йилга келиб 78 тага тушган.
Шу билан бирга, рақобатга зид қарорлар ва ҳаракатларга қарши ҳам чоралар кўрилмоқда. Давлат органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг 6700 та қарори бекор қилинган ёки қонунчиликка мувофиқлаштирилган. Асоссиз олинган қарийб 912 миллиард сўм маблағ эса қайтарилган.






