АсосийСИËСАТ

Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади

Президент аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

'Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этган. Рўйхатга олиш жараёнида амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилган.

Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманган вилоятида 1,3 фоиз, Сурхондарё вилоятида 0,9 фоиз ва Қашқадарё вилоятида 0,7 фоиз кам экани аниқланган. Бухоро вилоятида аҳоли сони деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсиш қайд этилган.

Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳри аҳолиси эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлган.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилган. Шундан 789,5 минг гектари экин майдонлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзалари ҳисобига тўғри келади.

Рўйхатга олиш жараёнларининг рақамлаштирилгани натижасида харажатлар аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмаган. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидаги кўрсаткичдан 15 баробар кам.

Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этган. Барча жараёнлар 15 кунда якунланган ва Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган.

Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади.

Шунингдек, 2017–2025 йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.

Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигидаги умумий айланманинг 60 фоизи ҳам ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.

Меҳнат билан банд 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Шунингдек, рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламаётгани ёки фаолиятини тўхтатгани қайд этилди.

Бу ҳолат солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4–5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистикадан четда қолмоқда.

Шу муносабат билан 15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланган. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилади.

Натижада субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилиб, корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланади.

Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режалар ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш, маълумотларга ишлов бериш вақти ва харажатларини камайтириш мақсад қилинган.

Маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди.

Комиссия 2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини тўлиқ хатловдан ўтказади. 2027 йил 1 майга қадар уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Платформа маълумотларни ягона тизимга интеграция қилиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, таҳлил ҳамда замонавий рақамли хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, давлат идоралари учун “Очиқ маълумотлар рейтинги”ни жорий қилиш ва Очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича лойиҳа офисини ташкил этиш таклиф этилди.

Статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида Маълумотларга асосланган бошқарув мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлат идоралари, бизнес вакиллари, статистика органлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқотчилар ҳамда талабалар учун маълумотларни бошқариш, бизнес-таҳлил, сунъий интеллект, маълумотлар журналистикаси ва визуализация бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Миллий статистика тизимида сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳам кенгайтирилади. 2027 йил 1 июлга қадар статистик маълумотларни сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, статистик кўрсаткичларни таққослаш ва чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи сунъий интеллект агентлари жорий этилади. 2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.

Тақдимотда “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унда статистика тизимини мувофиқлаштириш, маълумотлар сифатини таъминлаш, халқаро стандарт ва методологияларни жорий этиш, рақамли трансформация, маъмурий ва муқобил маълумотлардан кенг фойдаланиш ҳамда очиқ статистикани ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Президент аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Мутасаддиларга рўйхатга олиш натижаларини чуқур таҳлил қилиш ва давлат дастурларида кенг қўллаш, бизнесни рўйхатга олиш тадбирини сифатли ташкил этиш, маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини жорий қилиш ҳамда миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади - Darakchi.uz