Тошкент марказида 1912 йилда барпо этилган собиқ дизель электр станцияси биноси қайта таъмирланиб, Замонавий санъат маркази сифатида фаолиятини бошлади. Тарихий иншоот бир неча йил давомида қаровсиз ҳолда бўлган.
Маълум қилинишича, пойтахт марказида жойлашган ушбу бинодан тижорат мақсадларида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган. Бироқ уни сақлаб қолиш ва маданий масканга айлантиришга қарор қилинган.
Лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган. Қайта тиклаш ишлари натижасида саноат меъморчилигининг камёб намуналаридан бири янги маданий маконга айлантирилди.

Ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири маҳаллий рассомлар ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро ҳамкорлик қилиши учун янги имкониятлар яратишдан иборат.
Замонавий санъат маркази ўз фаолиятини «Hikmah» кўргазмаси билан бошлайди. Экспозицияда 11 нафар санъаткорнинг ижод намуналари жамланган.
Кўргазмада тарихий хотира, аждодлар мероси ва замонавий санъат ўртасидаги боғлиқлик акс эттирилган.
Марказда келгусида маҳаллий ва хорижий санъаткорлар иштирокида кўргазмалар, тадқиқот дастурлари ҳамда халқаро маданий лойиҳалар ўтказилиши режалаштирилган.






