Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Марказнинг расмий очилиши 6 сентябрга режалаштирилган.
Замонавий санъат маркази Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланади. У Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасаси бўлиб, Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган мажмуа сифатида фаолият юритади.
Марказ 1912 йилда меъмор Вильгельм Гейнцельман лойиҳаси асосида барпо этилган тарихий бинода жойлашган. Дастлаб бу ерда трамвай депоси бўлган, кейинчалик бинодан дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган.
Бинони реставрация қилиш бўйича меъморий концепция Франциянинг «Studio KO» бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Таъмирлаш жараёнида бинога хос тарихий қиёфа ва саноат меъморчилиги хусусиятлари сақлаб қолинган.
Давлат раҳбари марказдаги кўргазма ва таълим майдонлари, жамоат ҳудудлари, ихтисослаштирилган кутубхона ҳамда тадқиқот архиви билан танишди.
Мажмуада учрашувлар ва оммавий тадбирлар учун майдонлар, концепт-дўкон ҳамда ресторан ҳам ташкил этилган.
Марказда кўргазмалар, лекциялар, очиқ суҳбат ва муҳокамалар, фильм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ҳамда арт-резиденциялар ўтказилади.
Шунингдек, маҳаллий ижодкорлар, кураторлар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар амалга оширилади.
Марказ ўз фаолиятини "Hikmah" ("Ҳикмат") номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди. Экспозиция билим, маънавий мерос ва маданий хотира мавзулари, шунингдек, тарихий анъаналар билан замонавий санъат ўртасидаги боғлиқликка бағишланган.
Кўргазмада таниқли рассомларнинг 11 та асари, жумладан, махсус лойиҳа учун яратилган ишлар намойиш этилади. Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор Нью-Йоркдаги Соломон Р. Гуггенхайм музейи тўпламидаги инсталляция тақдим этилади.
Марказ АҚШдаги Гуггенхайм музейи ва Осиё санъати миллий музейи, Буюк Британиянинг «Tate» ва «Delfina Foundation» ташкилотлари, Франциянинг Помпиду маркази ҳамда Корея Санъат кенгаши каби хорижий маданий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев марказни ижодкор ёшлар, профессионал ҳамжамият ва кенг жамоатчилик учун очиқ ва жонли ижодий маконга айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Халқаро алоқаларни кенгайтириш, замонавий санъатнинг таниқли намояндаларини Ўзбекистонга жалб этиш ҳамда маҳаллий ижодкорларнинг янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари халқнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш билан бирга, замонавий санъатни ривожлантириш ва мамлакатнинг халқаро маданий алоқаларини янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.






