АсосийДУНË

Ким Чен Ин Жанубий Корея билан бирлашиш бандини партия низомидан чиқартирди

Таҳлилчилар буни Пхеньяннинг икки Кореяни алоҳида давлат сифатида кўриш позициясини кучайтириши билан изоҳламоқда.

'Ким Чен Ин Жанубий Корея билан бирлашиш бандини партия низомидан чиқартирди'ning rasmi

Шимолий Кореяда ҳукмрон Корея Меҳнат партияси ўз низомидан Жанубий Корея билан тинч йўл орқали бирлашиш ҳақидаги бандни чиқариб ташлади. Низомнинг янгиланган матни илк бор Сеул Миллий хавфсизлик стратегияси институти томонидан эълон қилинди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таянибб Zamon.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужжатда 2026 йил февраль ойида партиянинг IX съездида қабул қилинган ўзгартишлар ҳам акс этган.

Янги низомда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ваколатлари кенгайтирилган. Шунингдек, партиянинг аввалги раҳбарлари Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирга оид айрим маълумотлар ҳужжатдан чиқарилган.

Низомдан Жанубий Корея билан бирлашиш масаласидан ташқари, Жанубий Кореядаги АҚШ ҳарбий кучлари ва «ташқи кучлар»га оид айрим ҳаволалар ҳам олиб ташланган.

Таҳлилчиларга кўра, бу ўзгаришлар Пхеньяннинг Шимолий ва Жанубий Кореяни алоҳида давлатлар сифатида кўриш позициясини кучайтираётганидан далолат беради.

Аввалроқ, 2024 йил октябрь ойида Ким Чен Ин ташаббуси билан Жанубий Корея билан тинч йўл орқали бирлашиш ҳақидаги банд КХДР Конституциясидан ҳам чиқариб ташланган эди.

Янги низомга кўра, Корея Меҳнат партияси бош котибининг ваколатлари ҳам кенгайтирилган. Унга йиғилишлар чақириш, мансабдорларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, шунингдек, партия бўлимларини тугатиш ҳуқуқи берилган.

Партияга аъзо бўлишнинг энг кам ёши ҳам 18 ёшдан 20 ёшга оширилган.

    Бошқа янгиликлар