Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сербия Президенти Александр Вучичнинг таклифига биноан 7–8 сентябрь кунлари ушбу мамлакатга расмий ташриф билан боради. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки давлат расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилади.
Музокараларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар тартибли меҳнат миграцияси, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилади.
Ташриф якунида ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.






