АсосийЖАМИЯТ

Чорвоқ сув омборида ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетди

Ҳозирда қутқарувчилар томонидан сув омборининг 2–2,5 километр радиусдаги ҳудудида қидирув ишлари олиб борилмоқда.

'Чорвоқ сув омборида ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетди'ning rasmi

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида уч нафар фуқаро — ота ва унинг икки ўғли — чўкиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса Бўстонлиқ туманидаги "Бурчмулла" МФЙ ҳудудида жойлашган Чорвоқ сув омборида содир бўлган. Ота ва унинг икки ўғли катерда сайр қилиш вақтида сувга тушиш тақиқланган ҳудудга борган. Улар ҳимоя нимчаларисиз сувга тушганидан сўнг чўкиб кетган.

Хабар келиб тушиши билан ФВВнинг ғаввос-қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб борган. Ҳозирда қутқарувчилар томонидан сув омборининг 2–2,5 километр радиусдаги ҳудудида қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Қидирув ишларига зарур куч ва воситалар жалб қилинган. Бироқ сув омборининг чуқурлиги ва қидирув ҳудудининг кенглиги қутқарувчилар ишини мураккаблаштирмоқда.

Вазирлик маълум қилишича, қидирув-қутқарув ишлари ФВВ томонидан тўлиқ назоратга олинган.

    Бошқа янгиликлар

    Чорвоқ сув омборида ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетди - Darakchi.uz