АсосийДУНË

Индонезияда вулқон отилиши сабаб 8 та аэропорт ёпилди

Маълумот ўрнида, Индонезия Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашгани сабабли мамлакатда зилзила ва вулқон отилишлари тез-тез кузатилади.

'Индонезияда вулқон отилиши сабаб 8 та аэропорт ёпилди'ning rasmi

Индонезияда Анак-Кракатау вулқонининг отилиши натижасида тарқалган вулқон кули сабабли 8 та аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилди. Улар орасида Жакарта шаҳрига хизмат кўрсатувчи 2 та аэропорт ҳам бор. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазири Дуди Пурваганда маълум қилди.

Анак-Кракатау вулқонида отилишлар 4 сентябрь куни кечқурун бошланган. Шундан сўнг вулқон кули Ява ва Суматра ороллари ўртасида жойлашган вулқондан тарқалиб, Жакарта ва унинг атрофидаги ҳудудларга етиб борган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан қатор аэропортларда парвозлар бекор қилинган. Транспорт вазирлигига кўра, бу қарор 170 минг нафар йўловчига таъсир кўрсатган.

Жакартанинг асосий аэропорти 7 сентябрь куни соат 18:00 гача ёпиқ бўлиши режалаштирилган. Лампунг ва Ғарбий Ява провинцияларига хизмат кўрсатувчи яна 7 та аэропорт эса камида 7 сентябрь куни соат 08:59 гача фаолият юритмаслиги белгиланган.

Вазир Дуди Пурваганда аэропортлар қачон тўлиқ очилишини аниқ айтиш қийинлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, бу об-ҳавонинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ.

Вулқон мониторинги агентлиги маълумотларига кўра, Анак-Кракатаудаги сўнгги отилиш 6 сентябрь куни соат 20:23 да қайд этилган. Мутахассислар яқин вақтда яна отилишлар содир бўлиши эҳтимоли юқори эканидан огоҳлантирган.

Метеорология, иқлим ва геофизика агентлиги вулқон кули Ява томонида 6 минг метргача, Суматра томонида эса 15 минг метргача баландликка кўтарилганини маълум қилган. Кул Явадаги Бантен провинциясининг айрим ҳудудларига ҳам тарқалган.

Табиий офатлар агентлиги аҳолига кўчага чиққанда вулқон кулини нафас орқали қабул қилмаслик учун ниқоб тақишни тавсия қилган. Жакарта ва Лампунгда ўқувчилар саломатлигига хавфни камайтириш мақсадида мактабларда масофавий таълим ҳам жорий этилган.

Маълумот ўрнида, Индонезия Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашгани сабабли мамлакатда зилзила ва вулқон отилишлари тез-тез кузатилади.

Анак-Кракатау “Кракатау фарзанди” деган маънони англатади. Вулқон қарийб бир аср аввал — 1883 йилда кучли портлашлар натижасида вайрон бўлган Кракатау вулқони жойлашган ҳудудда пайдо бўлган. Ўша йилги отилишлар оқибатида юзага келган цунамилар 36 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган.

    Бошқа янгиликлар

    Индонезияда вулқон отилиши сабаб 8 та аэропорт ёпилди - Darakchi.uz