Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Тошкентда Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сандерсни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона органлари салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Жаҳон божхона ташкилоти кўмагида Ўзбекистон савдони енгиллаштириш соҳасидаги қатор халқаро конвенцияларга қўшилган. Шунингдек, замонавий божхона назорати механизмлари жорий этилган ва Божхона хизмати фаолиятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинган.
Божхона соҳасидаги ислоҳотлар натижасида экспорт юкларининг 94 фоизи, импорт юкларининг эса 87 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Декларацияларни расмийлаштириш вақти 20 дақиқагача қисқартирилган.
Шунингдек, божхона органларининг тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган рақамли ечимлар жорий этилмоқда. Маъмурий тўсиқлар қисқартирилиб, коррупциявий хавфлар камайтирилмоқда.
Мулоқотда божхона тартиб-таомилларини янада рақамлаштириш ва уйғунлаштириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу йўналишлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни қамраб олувчи қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.






