АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши жадал давом этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри марказида барпо этилаётган Ўзбекистон Миллий музейининг қурилиш жараёни билан танишди.

'Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши жадал давом этмоқда'ning rasmi

Мазкур йирик лойиҳа Президентнинг 2025 йил 1 июлдаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари 2025 йил август ойида музей қурилишига тамал тоши қўйган эди.

Шавкат Мирзиёев музей ҳудудидаги қурилиш-монтаж ишлари, иншоотлар пойдевори ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш жараёнини кўздан кечирди.

Музей лойиҳаси машҳур япониялик меъмор Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган. Экспозиция концепциясини эса Германиянинг “Atelier Brückner” ташкилоти тайёрлаган.

Мажмуанинг умумий майдони 3,9 гектарни, бино майдони эса 40 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этади. Иншоот уч қаватли асосий бино ҳамда икки қаватли ер ости қисмидан иборат бўлади.

Музей майдонининг 60 фоизи таълим ва илмий фаолият учун ажратилади. Бу ерда кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва конференция заллари ташкил этилади. Шунингдек, оилалар ва ёшлар учун ресторанлар ҳамда болалар майдончалари бўлади.

Музей бир вақтнинг ўзида 3 минг 500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қила олади. Унда 10 мингга яқин тарихий ва санъат экспонатлари намойиш этилиши режалаштирилган.

Музей қуриб битказилгач, атрофдаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.

Шунингдек, Лувр, Метрополитен ва Британия музейи каби дунёнинг нуфузли маданий муассасалари билан қўшма кўргазмалар ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Президент масъулларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат стандартлари асосида якунлаш бўйича топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон Миллий музейи қурилиши жадал давом этмоқда - Darakchi.uz