Рақамли технологияларга асосланган марказ талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуддаги ижтимоий муҳитни реал вақт режимида кузатиш, давоматни назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Вазиятлар маркази шаҳарчадаги 41 та талабалар ётоқхонасини қамраб олган. Тизим орқали 75 мингга яқин талаба, жумладан, ётоқхоналарда истиқомат қилувчи 17,5 минг нафар йигит-қизнинг хавфсизлигини таъминлаш, давоматини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имкони яратилган.
Марказ 17 та ахборот тизими билан интеграция қилинган бўлиб, турли маълумотларни ягона рақамли платформа орқали тезкор таҳлил қилиш ва вазиятдан келиб чиқиб зарур чораларни кўриш мумкин.
Майдон 1 минг 368 квадрат метрни ташкил этувчи “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлиги биноси 2024 йилда қурилган. Уни мукаммал таъмирлаш, вазиятлар марказини ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларига 33 миллиард сўм йўналтирилган.
Бинода вазиятлар марказидан ташқари стартап хонаси, олий таълим тарихи музейи, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази ҳам жойлашган.
Ташриф давомида Президентга талабалар шаҳарчасида хавфсизлик ва ижтимоий муҳитни реал вақт режимида назорат қилиш имкониятлари ҳамда марказнинг ишлаш тамойиллари тақдим этилди.
Давлат раҳбари талаба ёшлар билан тизимли ишлаш, уларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича тавсиялар берди.
Мазкур тажрибани республикадаги бошқа талабалар турар жойларида ҳам жорий этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.






