АсосийСИËСАТ

“ToshTech” янги авлод муҳандисларини тайёрлайди

Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Олмазор туманига ташрифи давомида “ToshTech” техника университети фаолияти билан танишди.

'“ToshTech” янги авлод муҳандисларини тайёрлайди'ning rasmi

Университет давлат раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 69,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Мазкур маблағ ҳисобидан Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминланган.

“ToshTech” академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув жиҳатидан мустақил давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. 2030 йилга қадар Тошкент давлат техника университетининг тегишли факультет ва кафедраларини босқичма-босқич ушбу янги инновацион экотизимга трансформация қилиш режалаштирилган.

2026/2027 ўқув йили учун университетга 1 654 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Саралаш натижасида 400 нафар талаба ўқишга қабул қилинган. Илк талабаларнинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида таълим олмоқда. Мазкур имтиёз сақланиб, 2029/2030 ўқув йилигача қабул қилинадиган талабалар ҳам тўлиқ грант билан қамраб олинади.

Университетда таълим жараёни тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Дарсларга маҳаллий олимлар билан бир қаторда хорижлик юқори малакали мутахассислар ҳам жалб этилган.

Талабалар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ва нанотехнологиялар йўналишларида таҳсил олади.

“ToshTech” Шанхай Цзяо Тонг университети, Милан политехника университети, Бремен конструктор университети ҳамда “Boston Consulting Group” каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Университетда талабаларни дастлабки курсларданоқ реал саноат лойиҳалари ва мураккаб муҳандислик масалалари устида ишлашга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда “ACWA”, “UzAuto Motors”, “Иссиқлик электр станциялари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” каби йирик компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу талабаларнинг ўқиш давридаёқ амалиёт ўташи ва келгусида иш билан таъминланишига хизмат қилади.

Президентга университетнинг келгуси режалари ҳақида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва талабалар билан мулоқотда “ToshTech” юрт саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқадиган муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлайдиган инновацион масканга айланиши зарурлигини таъкидлади.

“Инсоннинг мол-мулки, мавқеи ёки бошқа моддий бойликлари вақтинчалик бўлиши ёки йўқолиши мумкин, аммо унинг онгидаги, қалбидаги билим ва тажрибани ҳеч ким ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Билим инсоннинг энг хавфсиз ва энг фойдали сармоясидир”, — деди Президент.

Ташриф якунида давлат раҳбари университет талабалари билан суратга тушди.

    Бошқа янгиликлар

    “ToshTech” янги авлод муҳандисларини тайёрлайди - Darakchi.uz