Шимолий Корея 12 сентябрь куни шарқий соҳилидаги Вонсан ҳудудидан денгизга бир нечта баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея Қўшма штаб бошлиқлари маълум қилди.
Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракеталар тахминан 250 километр масофани босиб ўтган. Сеул ушбу учиришлар бўйича АҚШ ва Япония билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Ракеталар Жанубий Корея, АҚШ ва Япония иштирокидаги беш кунлик қўшма денгиз машғулотлари якунланганидан бир кун ўтиб учирилди.
Учиришлардан сўнг Жанубий Корея президентининг Миллий хавфсизлик идораси Мудофаа вазирлиги, Қўшма штаб бошлиқлари ва бошқа тегишли идоралар иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказди.
АҚШ Тинч океани қўмондонлиги ракеталар учирилиши АҚШ ҳудуди ёки унинг иттифоқчиларига бевосита таҳдид солмаганини билдирди. Вашингтон Жанубий Корея ва минтақадаги бошқа иттифоқчиларини ҳимоя қилишга содиқ қолишини маълум қилди.
Пхеньян аввал ҳам АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотларини кескин танқид қилиб келган. Шимолий Корея бундай машғулотларни босқинга тайёргарлик сифатида баҳолайди ва кўп ҳолларда улар фонида ракета синовларини ўтказади.






