Тошкентни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
"Долзарб 40 кунлик" давомида пойтахтда 2 минг километр ариқ чиқиндилардан тозаланди, 500 минг туп мева ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари экилди.
Электр таъминотида муаммо бўлган 114 та маҳаллада трансформаторлар янгиланди, 443 таси таъмирланди. Шунингдек, 600 километр электр тармоғи алмаштирилиб, 2,5 мингта ёритиш устуни соз ҳолатга келтирилди.
Энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва ноқонуний истеъмолнинг олдини олиш ҳисобига бир ойда 11 млн киловатт-соат электр энергияси ва 10 млн куб метр табиий газ тежалди. Тармоқлардаги йўқотишлар қарийб 1 фоизга камайтирилди.
Масъулларга ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича назоратни кучайтириш топширилди.






