Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқда вазиятнинг янада кескинлашиши, жумладан, Саудия Арабистони ҳудудига ракета ва дронлар орқали ҳужумлар уюштирилаётганидан хавотир билдирди.
Вазирлик тинч аҳоли, фуқаролик ва энергетика инфратузилмасига қарши куч ишлатиш, шунингдек, минтақадаги давлатлар хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳаракатларни қоралади.
Ўзбекистон низоларни фақат сиёсий-дипломатик йўл билан, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал этиш зарур, деб ҳисоблайди. Шунингдек, ТИВ БМТ ва минтақа давлатларининг кескинликни юмшатиш ҳамда барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Сўнгги кунларда Саудия Арабистони ҳудуди ҳусийлар томонидан бир неча бор ракета ва дронлар орқали нишонга олинган. Ҳужумлар оқибатида жабрланганлар ва энергетика объектларида ёнғинлар қайд этилган.






