АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи Жанубий Кореянинг йирик нашрида эълон қилинди

Мақолада Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги тарихий алоқалар, бугунги стратегик шериклик, савдо-инвестициявий муносабатлар ҳамда ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз боради.

'Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи Жанубий Кореянинг йирик нашрида эълон қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” номли мақоласи Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири — “The Chosun Daily”да эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги тарихий алоқалар, бугунги стратегик шериклик, савдо-инвестициявий муносабатлар ҳамда ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз боради.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 баробарга ошган. Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ортган.

Айни пайтда Ўзбекистонда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Корея Экспорт-импорт банки ва Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели эса 3,5 миллиард доллардан ошган.

Шавкат Мирзиёев икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имкониятлар беришига урғу берган. Унинг таъкидлашича, ҳамкорликни алоҳида соҳалардаги лойиҳалардан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш зарур.

“Ишончим комилки, айнан шу асосда ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз — алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин. Бу эса мамлакатларимиз барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигининг янада мустаҳкам пойдеворини барпо этади”, — дейди Президент.

Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида кўрсатилган.

Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестиция киритиш, академик алмашинувни кенгайтириш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.

Президент Марказий Осиё — Корея Республикаси саммити Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатлар билан бир қаторда, бутун минтақа билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон эканини қайд этган.

“Ўзбекистон сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги, самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари суриш ниятида. Бу ташаббуслар “Марказий Осиё — Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли, динамик ва узоқ муддатли минтақавий устувор вазифаларга йўналтирилган механизмга айлантиришга қаратилган”, — дейилади мақолада.

Президентнинг фикрича, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиёт учун янги имкониятларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

“Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, “The Chosun Daily” 1920 йилда ташкил этилган “Chosun Ilbo” медиа гуруҳи таркибига киради. Нашр сиёсат, иқтисодиёт, жамият ва халқаро муносабатларга оид хабарларни ёритиб боради.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёевнинг мақоласи Жанубий Кореянинг йирик нашрида эълон қилинди - Darakchi.uz