АсосийДУНË

Исроил вазири “NAZA” фильми режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилишга чақирди

Фильм 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка ходимининг махфий суҳбатларига асосланган.

'Исроил вазири “NAZA” фильми режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилишга чақирди'ning rasmi

Исроил Маданият вазири Мики Зоар Ғазодаги тинч аҳоли ўлими ҳақидаги “NAZA” ҳужжатли фильми режиссёрлари Ювал Авраҳам ва Рейчел Зорни давлатга хиёнатда айблаб, уларни Исроил фуқаролигидан маҳрум қилишга чақирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

“NAZA” фильми Исроил разведкасида қўлланадиган атамадан олинган бўлиб, Ғазога ҳаво зарбалари беришда тинч аҳоли орасида қанча қурбон бўлиши кутилгани ва бундай зарбалар қандай амалга оширилгани ҳақида ҳикоя қилади. Фильм 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка ходимининг махфий суҳбатларига асосланган.

Фильмда манбалар Исроил армиясининг Ғазодаги нишонларни аниқлашда сунъий интеллектга асосланган тизимлардан фойдалангани ва ушбу тизимлар тинч аҳоли қурбон бўлишини олдиндан ҳисобга олгани ҳақида маълумот берган.

Суҳбатлардан бирида бир нафар ҲАМАС аъзосини ўлдириш учун 500 нафар тинч аҳолининг ўлимига йўл қўйилгани ҳақида даъво билдирилган. Исроил томони эса фильмдаги айбловларни рад этган.

80 дақиқалик ҳужжатли фильм 10 сентябрь куни Венеция кинофестивалида намойиш этилди. “NAZA” фестивалда махсус ҳакамлар ҳайъати совринига сазовор бўлди. Фильм намойишидан кейин қарийб 25 дақиқа давом этган олқишлар фестиваль тарихидаги энг узоқ олқишлардан бири бўлди.

Мики Зоар 13 сентябрь куни ижтимоий тармоқда режиссёрларни “дунёдаги антисемитлар олқишини олиш учун ўз ватанига зарар етказишга тайёр” бўлганликда айблади.

“Мен бу жирканч ижодкорларни давлатга хиёнат қилгани учун Исроил фуқаролигидан маҳрум қилиш жараёнини зудлик билан бошлайман”, — деб ёзди вазир.

Исроилнинг Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам режиссёрларни танқид қилиб, уларни “бутун Исроил халқи учун шармандалик ва уят” деб атади. У ҲАМАС режиссёрларни “очиқ қўллар билан кутиб олишини” айтди.

Ювал Авраҳам ва Рейчел Зор 2025 йилда Фаластиннинг Ғарбий соҳилидаги исроиллик кўчманчилар зўравонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи “No Other Land” фильми учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлган ижодий жамоа таркибида бўлган.

Исроилда фуқароликдан маҳрум қилиш қонуний жиҳатдан мумкин, аммо бундай чора камдан-кам қўлланади. Бунинг учун бир нечта давлат органларининг розилиги ва суд тасдиғи талаб этилади.

Маълумот учун, “NAZA” фильми уч йилга яқин давом этган журналистик суриштирувларга асосланган. Ундаги манбаларнинг шахси махфий сақланган ва уларнинг айримлари Исроил армияси ҳамда разведка тизимида ишлаганини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар

    Исроил вазири “NAZA” фильми режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилишга чақирди - Darakchi.uz