Бу ҳақда Россия маориф вазири Сергей Кравцов 13 сентябрь куни “РИА Новости”га маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, янги ўқув йилидан бошланғич ҳарбий тайёргарлик учун тўрт ўқув йили давомида жами 68 соат ажратилади. Бу “Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари” курсининг 50 фоизини ташкил этади.
Қайд этилишича, Россияда бошланғич ҳарбий тайёргарлик Украинага қарши уруш бошланганидан кейин 8–11-синф ўқувчилари учун мактаб дастурига киритилган. 2026 йилгача мазкур машғулотларга ушбу курснинг 20 фоизи ажратилган.
Маълумот учун, Россия мактабларида бошланғич ҳарбий тайёргарлик собиқ Совет Иттифоқи даврида ҳам мавжуд бўлган. 1993 йилда у ўқув дастуридан чиқариб ташланган, 2023 йилда эса “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” фани доирасида қайта жорий этилган. Ўша вақтда 10–11-синф ўқувчиларига Калашников автоматида ўқ отиш, қўл гранаталарини улоқтириш ва биринчи ёрдам кўрсатиш каби кўникмалар ўргатилган.
2024 йилдан бошлаб мазкур фан “Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари” деб номланган.
2026 йил май ойида “Важные истории” нашри Россия ҳукумати сўнгги беш йилда мактаб ўқувчилари учун ҳарбий-ватанпарварлик марказларига 50 миллиард рублдан ортиқ маблағ сарфлаганини хабар қилган.
Шунингдек, Россия ва унинг босиб олган Украина ҳудудларида камида 210 та махсус таълим муассасаси аниқланган. Йель университети тадқиқотчилари маълумотларига кўра, Россия ҳукумати уруш бошланганидан буён мазкур муассасаларда мажбуран кўчирилган украиналик болаларни жойлаштириб, уларга ҳарбий тайёргарлик ўтказган ва мафкуравий таъсир кўрсатган.






